“Бахти Ташкентский”нинг акаси Шуҳрат Қудратуллаев интервью бериб, ўз ҳаёт йўли, йўл қўйилган хатолар ва ёш авлод учун сабоқлар ҳақида фикр билдирди.
Қудратуллаев сўзларига кўра, авваллари у кўча ҳаётини ҳавас қилган, бироқ вақт ўтиши билан бу йўл оғир оқибатларга олиб келишини англаб етган. Унинг таъкидлашича, кўча ҳаётини орзу қилиш нотўғри бўлган, чунки шу йўл орқали кўп нарсани — оилани, яқинларни, болаларнинг ёшлик даврини йўқотган.
“Мен 12 йилини зона ичида ўтаяпман, бундан олдин эса 10 йил Жаслиқда ва 71-колонияда бўлдим. Ўтмиш қўймас экан, яна шу жойларга келиб қолдик. Кўча ҳаётини ҳавас қилиб яшаганмиз, аммо кейин билдик — ҳавас қиладиган нарса эмас экан. Кўп нарсани йўқотдик: жигарларимизни, оиламизни, болаларимизнинг ёшликларини. Керакли пайтда оиламиз олдида бўлолмадик. Ўзимиз сабабчи бўлиб шунақа жойларга келиб қолдик”, — деди Қудратуллаев.
Шунингдек, у ёшларга мурожаат қилиб, уларни тўғри йўлда бўлишга чақирди: қонун устуворлигини ҳурмат қилиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва давлатга фойда келтириш. У ўтмишдаги хатоларидан пушаймонлигини очиқ ифода қилиб, оиласига етказилган қийинчиликларни эслади.
“Энди ёшларимиз тўғри йўлда бўлсин. Президентимиз шароит яратиб беряптилар: тадбиркорлик қилиш, ўқиш, фарзандларимизнинг таълим олиши имконияти бор. Шуни эслатаман — қонунни ҳурмат қилиш, давлатга фойдамиз тегиши, зараримиз тегмаслиги муҳим. Оиламиз, қариндошларимиз олдида масъулиятимизни ҳис қилайлик”, — дейди Қудратуллаев.


