Колумбия президенти Густаво Петро АҚШ томонидан санкциялар рўйхатига киритилгани бўйича судга мурожаат қилишга тайёр эканини маълум қилди. Унга кўра, АҚШ томони санкциялар сабабини изоҳлаб бера олмаган, шунингдек, Доналд Трампнинг уни “гиёҳванд моддалар сотувчиси” деб атагани ҳақидаги баёнот ҳам асоссиз бўлган.
Петро музокаралар ўтказиш учун вақт беришини айтди, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмаса, қонуний кураш бошлашга мажбур бўлишини таъкидлади. “Агар ҳеч нарса ўзгармаса, АҚШга қарши қонуний чоралар кўраман. Вақтим бўлади, чунки тез орада президентлик муддати тугайди”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни АҚШ Молия вазирлиги Петро, унинг рафиқаси ва ўғлига нисбатан санкциялар жорий этган эди. Бунгача АҚШ президенти Доналд Трамп колумбиялик ҳамкасбини “бандит, наркотик сотувчи ва ёмон одам” деб танқид қилган эди.


