Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдо билан учрашди.
Учрашувда давлат органлари очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан мулоқот, фейк ва ёлғон ахборотларга қарши курашиш, масс-медиа соҳасини ривожлантириш, аҳоли медиасаводхонлигини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди ва ўзаро фикр алмашилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонга ташрифи доирасида Элизабет Трюдо Тошкентдаги Вебстер университетида “Оммавий ахборот воситалари мутахассислари учун инглиз тили” дастурининг битирувчилари билан суҳбатлашади.
Бундан ташқари, у маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган алмашинув дастурлари битирувчилари билан учрашишни ва Жиззахдаги аёллар шелтерига ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ давлат котиби ўринбосари Ўзбекистонга келиши хабар қилинганди.


