Адлия вазирлиги томонидан Конституцияда белгиланган нормаларни кенг жамоатчиликка, айниқса, ўқувчи ёшлар орасида содда ва тушунарли тарзда тарғиб қилиш мақсадида “Конституцияга саёҳат” номли интерактив китоб ҳамда ҳуқуқий мултфилмлар яратилди. Лойиҳа 5 декабрь куни тақдим этилиб, унда мазкур материалларнинг ўқувчилар учун аҳамияти таъкидланди.
Ушбу лойиҳа Конституцияни илк бор болалар тилига мослаштирган бўлиб, интерактив китоб ва 40 церийали мултфилмни ўз ичига олади. Асарларда Конституция моддалари содда, равон ва болаларга мос тил орқали тушунтирилади, ҳуқуқ ва мажбуриятлар қизиқарли қаҳрамонлар орқали ҳикоя қилинади. Лойиҳа ёш авлоднинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларни муаммоларни тўғри ҳал қила оладиган етук шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилиши кўзда тутилган. Материаллар мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун фойдали бўлиб, мактабларда «Ҳуқуқ» фанида қўлланилиши режалаштирилган.
Тақдимотда Адлия вазирлиги, «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Конрад Аденауэр фонди ваколатхонаси раҳбари, ОАВ вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Тадбир давомида лойиҳанинг аҳамияти, ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришдаги роли, шунингдек янги лойиҳалар ҳақидаги видеороликлар тақдим этилди. “Конституцияга саёҳат” интерактив китоби Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига топширилди ва йиғилганлар лойиҳа ҳақида илиқ фикрлар билдирди.


