Шунчаки кулиш соғлигингизга фойдали бўлиши мумкинлигини биласизми? Маё клиникаси мутахассислари олиб борган тадқиқотларга кўра, кулги иммунитетни мустаҳкамлайди, руҳий ҳолатни яхшилайди ва оғриқни камайтиришда табиий восита сифатида хизмат қилади.
Шифокорларнинг тушунтиришича, кулгининг таъсири организмда ижобий кимёвий жараёнларни фаоллаштиради. Кулган пайтда мияга электр сигналлари узатилади ва танада эндорфинлар – яъни табиий “бахт” гормонлари ажралиб чиқади. Бу моддалар оғриқни енгиллаштиради, кайфиятни кўтаради ва умумий руҳий ҳолатни яхшилайди.
Қисқа муддатли фойдалар қуйидагилар: ўпкага кўпроқ кислород етказилади, юрак ва мушаклар фаолияти кучаяди, қон айланиши яхшиланади, стресс камаяди, юрак уриши ва босим меъёрлашади, тана бўшашиб, дам олиш ҳолатига ўтади.
Доимий кулги эса иммунитетни кучайтиради, салбий эмоцияларнинг саломатликка зарарли таъсирини камайтиради, стрессга чидамли моддалар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради, оғриққа нисбатан бардошлиликни оширади ва ижтимоий ҳаёт ва профессионал муҳитга мослашишни осонлаштиради.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўпроқ куладиган инсонлар ўзига ишонган, ижтимоий фаол ва бахтлироқ ҳаёт кечиради.
Ҳар куни бир неча дақиқа чин дилдан кулиш – бу соғлиқни мустаҳкамловчи энг қулай ва арзон «дори»дир.


