Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг маълум қилишича, сўнгги 40 кун ичида жами 48 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 14 нафар судья вазифасидан озод этилган. Уларнинг 5 нафари ўз хоҳишига кўра, 9 нафари одил судловни ва судьялик қасамёдини бузгани учун ишдан олинган.
Судьялар Олий кенгаши расмий саҳифасида эълон қилинган маълумотларга кўра, жорий йил 7 январь куни фаолиятида масъулиятсизликка ва процессуал қонун нормалари бузилишига йўл қўйгани учун қуйидаги шахслар интизомий жазога тортилган:
– Олий суд судьяси Фахриддин Халилов;
– Олий суд судьяси Санобар Мамадалиева;
– Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ойбек Ҳасанов;
– Тошкент вилоят суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Умиджон Расулбердиев;
– Фарғона вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг раиси Улуғбек Орипов.
14-15 февраль кунлари масъулиятсизлиги учун қуйидаги судьялар жавобгарликка тортилган:
– Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг раиси М. Ҳасанова;
– Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг раиси Ш.Тогоев.
Бундан ташқари, 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши қарори билан:
– Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг раиси Ўктам Холиқов;
– Тошкент вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Хилола Бегалиева;
– Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг раиси Исоқбой Эргашев;
– Бухоро вилояти Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси Маъруф Саидовлар ўз аризаларига кўра, лавозимларидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.


