Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат кучайтирилади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек:
«Коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз».
Мазкур қарорга мувофиқ, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади.
Ушбу раҳбарлар — тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағлари талон-торож қилиниши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ҳамда Президент олдида ҳисобот беради.
«Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар — бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.
Комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади», — деди давлат раҳбари.


