Англия пойтахти Лондондаги машҳур Coventry Street Рамазон ойи муносабати билан яна махсус ёритиш безаклари билан безатилди. Бу ҳақда Содиқ Хон ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Лондон марказидаги Piccadilly Circusдан Leicester Squareгача чўзилган Coventry Street байрамона муҳитга бурканди. Лойиҳа “Азиз” жамғармаси томонидан Лондон муниципалитети билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Бу йил кўча геометрик ёруғлик нақшлари билан безатилди. Пиёдалар боши узра “Happy Ramadan!” (“Рамазон муборак!”) ёзуви туширилган ёруғлик инсталляцияси ўрнатилди. Безаш ишлари учун қарийб 31 мингта LED чироқдан фойдаланилган. Улар ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 дан 01:00 гача ёқилади ва 19 мартга қадар ишлайди.
Ёритиш маросимида Лондон мэри Содиқ Хон жамғарма вакили билан биргаликда рамзий тарзда чироқларни ёқди. Унинг таъкидлашича, Лондон Ғарб дунёсида марказий кўчаси Рамазон шарафига безатилган биринчи шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Мэрнинг сўзларига кўра, Рамазон турли миллат ва дин вакилларини бирлаштирадиган, ўзаро ҳурмат ва бирдамликни мустаҳкамлайдиган муҳим даврдир. 2023 йилда бошланган ушбу ташаббус ҳозирга келиб Лондоннинг Рамазон анъаналаридан бирига айланган.


