Париждаги машҳур Лувр музейидан ўғирланган тақинчоқлар қиймати 88 миллион евро деб баҳоланди. Бу ҳақида Париж прокуратураси маълум қилди.
19 октябрь куни эрталаб номаълум шахслар Лувр биносига ойнани синдириб киришганди. Атиги беш дақиқада улар саккизта нодир заргарлик буюмларини ўғирлаб чиқиб кетган. Тақинчоқлар орасида ХИХ асрга оид қироллик даврининг ноёб безаклари, бриллант ва смарагд тожлари, шунингдек, император аёл Евгениега тегишли буюмлар бор эди.
Ҳозирча жиноятчилар қўлга олинмаган. Полиция маълумотларига кўра, улар олдиндан пухта режа асосида ҳаракат қилган, хавфсизлик тизимини атиги бир неча дақиқада четлаб ўтган. Шунингдек, жиноятни амалга оширишда ташқи ёрдамчи техник воситалардан — лифт ва транспорт воситаларидан фойдаланилган бўлиши тахмин қилинмоқда.
Музей маъмурияти бу воқеани “миллий меросга қарши жиноят” деб атади. Франция маданият вазирлиги эса мамлакатдаги барча йирик музейларда хавфсизликни кучайтириш бўйича топшириқ берди.
Мутахассисларнинг айтишича, бундай ўғирланган буюмларни қора бозор орқали сотиш деярли имконсиз — улар одатда парчалаб, қимматбаҳо тошлар ажратиб олинади, бу эса тарихий асарнинг асл қиёфасини бутунлай йўқотади.
Тергов ҳозирча давом этмоқда. Француз оммавий ахборот воситалари бу ҳодисани “сўнгги йилларда Европадаги энг йирик санъат ва заргарлик ўғирлиги” деб атамоқда.


