Вазирлик хабарига кўра, магистратура қишки қабулига топширилган сертификатларни тегишли ташкилотлар базаларидан текшириш жараёни маълум вақт талаб этмоқда. Ҳозирги кунда ҳужжатларнинг асосий қисми текширилди.
“Бу жараён тез кунда якунига етказилади ва натижалар эълон қилинади”, — дейилади хабарда.
Вазирлик, шунингдек, ижтимоий тармоқ фаолларидан ушбу мавзуга доир асосланмаган хабарларни тарқатмасликни, жамоатчиликдан эса фақат вазирлик расмий манбалари орқали эълон қилинадиган хабарларга ишонишни сўраган.
Маълумот ўрнида, 2022/23-ўқув йили учун магистратурага қишки қабул 20 декабрдан бошланиб, 10 январгача давом этди. Ушбу танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат берилди.


