Ижтимоий тармоқларда мактаб таълимида анъанавий, яъни қоғоз шаклидаги кундалик ва синф журналлари қайта жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотларга нисбатан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий изоҳ берди.
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур хабарлар асоссиз бўлиб, уларни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги 3931-сонли қарори ҳамда 2019 йил 29 апрелдаги 5712-сонли фармонига мувофиқ, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг давомати ва фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари eMaktab электрон журнал тизими орқали юритиб келинмоқда.
Мазкур тизимни жорий этишдан асосий мақсад ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишдан иборат экани қайд этилди. Бу ёндашув халқаро тажрибада ҳам ўзини оқлаган.
Шунингдек, электрон тизим орқали ота-оналарга фарзандларининг ўқиш жараёнини масофадан кузатиш имконияти яратилгани, баҳолашда шаффофлик таъминлангани ва педагоглар фаолиятидаги ортиқча қоғозбозлик сезиларли даражада қисқаргани билдирилди.
Вазирлик мактабларга қоғоз кундалик ва синф журналларига қайтиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаганини маълум қилиб, мамлакатда бошланган рақамлаштириш жараёнлари ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади.


