Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 6 трлн сўм нақд пуллар чиқарилди ва 1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 24,8 фоизни ташкил этди.
Банклар орқали нақд пул айланмаси 2023 йил январь-июнь ойларида 369,7 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16,9 фоизга ошди. Жумладан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсиб, 182,4 трлн сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, 2023 йил 6 ойида банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2022 йил мос даврига нисбатан 14,2 фоизга кўпайди ва 187,3 трлн сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга, 2023 йил январь-июнь ойларида банк карталарига кирим қилинган маблағлар (359,2 трлн сўм) 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ошди, ушбу даврда банк карталаридаги 86,4 трлн сўм маблағлар нақдлаштириб олинган.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида банк карталарга келиб тушган маблағларнинг 28,1 фоизи нақдлаштириб олинган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 24,0 фоизни ташкил этди.


