13 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов ҳамда Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума иштирок этди. Шунингдек, энергетика компаниялари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари ҳам музокараларда қатнашди.
Томонлар сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасида йўлга қўйилган кўп томонлама ҳамкорлик, айниқса ёқилғи-энергетика соҳасида изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар давомида 2026 йил куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш, вегетация даврида сув-энергетика тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар тармоқларнинг иш режимлари бўйича тегишли графикларни келишиб олди.


