Махсус комиссия ишчи гуруҳлари томонидан 24–29 ноябрь кунлари атмосферани ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилди. Комиссия вакили Икром Тагаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистанда сўнгги кунларда совуқ антициклон таъсири кучайиб, 5 декабргача давом этиши кутилмоқда. Ушбу жараён атмосфера босимининг ошиши, ҳароратнинг пасайиши, эрталабки туманлар ва инверсия туфайли ҳаводаги чанг ва тутун зарраларининг паст қатламларда тўпланишига олиб келмоқда.
Рейдлар давомида иссиқхоналар, қурилиш объектлари ва автотранспорт воситалари бўйича кўплаб қонунбузарликлар аниқланди. Жами 1 788 та иссиқхона текширилиб, 73 тасининг фаолияти тўхтатилди, 621 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қурилиш соҳасида эса 530 дан ортиқ ноқонуний объект қайд этилиб, 40 таси вақтинча тўхтатилди. Атмосферани ифлослантириш бўйича 215 киши жавобгарликка тортилди. Кўплаб қурилиш майдонларига сув пуркагичлар ўрнатилди.
Автотранспорт йўналишида ҳам қатъий чоралар кўрилди: юкни очиқ ташиган 1 959 нафар ҳайдовчи ва меъёридан ортиқ зарарли ташлама қилган 239 нафар ҳайдовчи жаримага тортилди. Йўл қоидаларини бузиш ва йўл қопламасини ифлослантириш билан боғлиқ жами 10 мингдан ортиқ ҳолатда маъмурий чоралар кўрилди. Шунингдек, шаҳар бўйлаб 183 та кўча, 165 та жамоат жойи намлантирилди, ариқлар тозаланди, 126 та фаввора ишга туширилди.
Мутасаддиларга кўра, амалга оширилган чоралар қисқа муддатда ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтирган бўлсада, совуқ антициклон туфайли инверсия жараёни ҳануз кучайиб турибди. Шу сабаб, ҳавонинг табиий тозаланган суръати секинлашган. Махсус комиссия атмосферага зарар етказаётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича туну-кун кучайтирилган назоратни давом эттирмоқда.


