Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби объектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.
Президентнинг айтишича, тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади. Жамғармага салоҳиятли ўрта бизнес корхоналарига улушдор бўлиб кириш ваколати берилади. Бунинг учун жорий йилда жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар ажратилади.
«Ўрта корхоналар фаолиятини кенгайтириши учун уларга янги инвестор ва брендларни жалб қилишга кўмаклашиш зарур. Шу боис, агар корхона хорижий бренд ва инвестор билан келишувга эришса, унга янги ташкил қилинган Саноат жамғармаси 25 фоизигача капиталига сармоя билан кириши мумкин бўлади», — дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валутадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади. Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида «хизматлар ипотекаси» тизимини жорий қилади. Шунингдек, жамғарма тадбиркорларга хизмат кўрсатиш обекти учун ер сотиб олиш, бино-иншоотлар қуриш ва айланма маблағи учун ҳам ресурс ажратади.
Бу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади. Бундан ташқари, президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига ҳам тўхталди.
«Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг ʼнефтимизʼ ҳам, ъгазимизʼ ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёддан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир», - деди давлат раҳбари.
Маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилиш зарурлиги таъкидланди. Халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом этиши маълум қилинди.
Шунингдек, логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.


