Р.S.: Эътиборингизга ҳавола этилаётган туркум мақолалар ўз жонини хатарга қўйиб, элу-юрт тинчлиги йўлида жон тикиб, хизмат қилаётган, Шунингдек, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида жонбозлик кўрсатган тинчлик посбонларига бағишланади. Zamon.uz сайти Сизларни яқинлашаётган 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан табриклайди!
У оилада эркатой қиз эди. Унинг ортидан ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваслари улкан эди. Аммо... Умида жамиятга нафи тегадиган, ота-онаси ва оиласининг бир қувончига ўн қувонч қўша оладиган ёшида йўлдан адашди.
Умида Турдиева 1991 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. 6 йил Яқин Шарқдаги уруш майдонларида яшаган. “Меҳр 5” операцияси доирасида Ўзбекистонга олиб келинди.
Саробга айланган орзулар
— 6 ёшимгача Сурхондарёда катта бўлдим. Кейин Тожикистоннинг Панжакент деган жойида улғайдим. 4-5 синфда Тошкентда яшадик. Ундан кейин Москвага чиқиб кетдик. 9-синфгача ўша ердаги мактабда, сўнг коллежда таҳсил олдим. Коллежда ўқиб юрган пайтлари ўртоғим интернет орқали бир йигит билан таништириб қўйди. У бола танишганимиздан сўнг дин, намоз, ҳижоб кийиш ҳақида кўп гапирарди. Ёнимга кел, деб у мени чақириб олди. Севги-муҳаббат кучли бўлган. Мен унга жуда ишонардим.
Туркияга келаётганингни ҳеч ким билмасин, ҳатто, ота-онанг ҳам деб айтган.
Аслида, Умиданинг уйидан қочиб кетиши нобакорликдан бошқа нарса эмас. Нобакор фарзанди туфайли одамлар олдида юзи қора бўлган ота-онаси ва яқинларинг аҳволини тасаввур қиляпсизми?
— Уни ҳақиқий исмини ҳам билмасдим. Суриядаги исми Ҳаттаб эди. Шу исмини билардим, холос.
Яқинларидан ҳам афзал билиб, яқин келажаги, ҳаётини ишониб топширган йигитнинг асл исмидан ҳам бехабар Умида кейинчалик алданганини билди. Афсус, унда ҳаммаси кеч бўлганди.
— У мени аввал Тапқага олиб кетди, у ерда икки ой яшадик. Кейин Ироққа кетамиз, деди. У ёқда 4-5 ой яшаган бўлсак, қайтариб Раққага олиб келиб қўйди. Шундан сўнг ўзи чиқиб кетган.
Эрим аввал уйланганини билмаганман. Келганимда уйида бир аёл юрарди. Уни кимлигини сўраганимда, хотиним, деб айтган. Сен иккичи аёлимсан, деган... Кутганимдек, бўлиб чиқмади. Негаки, ваъдалари бошқа эди. Туркияда яшаймиз, кейинчалик ўқишингни давом эттирасан деган. Аслида, у мени алдаб чақиртирган бўлган.
Ҳаётимда бахтли яшаш, севги-муҳаббат деган нарсаларни кўрмаганман, ҳис этмаганман
Уч ойгача уйимдагилар билан боғланишни имкони бўлмаган. Уч ойдан сўнг уйга — дадамга телефон қилиб, Сурияга келганим, турмушга чиққаним ва ҳижобга кирганимни айтганимда ишонмаганлар. Шунда: она қизим, уйга қайт, сени жуда соғиндик деб, йиғладилар...
Алданганимни билганимдан сўнг, ортга қайтишга уриндим. Лекин турмуш ўртоғим: сени ватанинг шу ерда, ортга қайтиш йўқ, дерди. Кўниколмаганман.
Унинг ватани, ота-онаси олдидаги бурчини унутиб, қилган қилмишини ҳар қанақасига оқлаб бўлмасди. Бундайлар ким-кимларга хотин бўлмади.
— 3 марта эрга текканман. Ҳаётимда бахтли яшаш, севги-муҳаббат деган нарсаларни кўрмаганман, ҳис этмаганман. Биринчиси ва учинчиси — тожикистонлик, иккинчиси — албаниялик бўлган. Ҳаттоб қочиб кетди. Кейинроқ у билан алоқалашдик. Нега олиб кетмаганини сўрасам, пули йўқлигини, мен пул юборсам олиб кетишини айтди. Онам қариндошлардан қарз олиб, у айтган одамга 800 доллар юборди. Аммо у мени яна алдади, йўқолиб қолди.
Умида ҳам минглаб аёллар қатори Сурия демократик кучлари таъсирида тақдири нима бўлишини кутиб яшарди.
— У кетганидан сўнг “Мақор” деган жой бор. У катта уй. У ерда эри йўқ аёллар ва болалар туради. Яшаш жуда қийин. Чунки одам касал бўлиб қолса, шифокор йўқ. Емиш топиб ейиш ҳам осон эмас.
Ҳижрат даъватига ишониб, ватангадо бўлди. Энди уларга фақат пушаймонлик, кўз ёшлар ҳамроҳ. Улар жанг майдонидаги саргардон ҳаётда Ватандан ташқарида ватан бўлмаслигини тушуниб етди.
— У ерда фақат бомба, ўқ билан эмас, балки очликдан ўлганлар ҳам бўлган. Буғдойдан ун қилинарди, унга айланмай қолган буғдой синиқларидан нон қилиб ердик.
Унинг айтишича, уч маротаба жангариларга турмушга чиққан кейинчалик пушаймон бўлади ва ортга қайтишга ҳаракат қилади. Бироқ энди кеч бўлганди. У ҳар сафар қочмоқчи бўлганда ИШИД жангчилари уни тутиб олаверган.
— У ерда бир ой қамалганман. Чиқиш ниятим бўлгани учун мени тутиб олишган. Ҳамма нарсамни олиб қўйиб, сўроққа тутишган. 5 этажли хонанинг эшикларини занжирлаб қўйишган. Балкондан ҳам қочишнинг иложи йўқ. Чунки бир марта балкондан ҳам қочганман.
Иккинчи турмушим ҳам ўхшамаган
Тақдирида яна қандай қора кунлари борлигини кутиб яшаган ўзбек аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Улар шу азоблардан қочиб ҳам улар қайта-қайта эрга текканини айтади.
— Иккинчи эрим албаниялик Абузаид мендан 10 ёш катта эди. У мени эрим йўқлигини билиб, ўзи унга турмушга чиқишимни таклиф қилган. Унга ҳам иккинчи хотин бўлганман. “Мақор”да яшаб қийналганим учун рози бўлганман. Аммо у ҳам мен кутган эркак бўлиб чиқмади. У билан уч соат гаплашдик. Жуда бошқача одам эди. Меҳрли, тушунадиган одамдек туюлган. Лекин у билан бир ой ҳам яшамаганмиз (узоғи 20 кун). Ўзи келиб жавобимни берди. У эрга аёл кишини ажрашиши жуда қийин. Аммо эркаклар сабаби бўлса-бўлмаса ажрашиб кетаверади. Яна “Мақор”да бир ўзим 6 ойдан кўп яшадим. Уруш кучайиб кетди. Раққада яшаб, учинчи эрим — Ҳамзага турмушга чиқдим. Кўча-кўч билан яшардик. Севги нималигини билмадим. Ҳамза урарди. Бир йил яшадик. У яна бошқага уйланди. Мен учун бу дунёда у жойдан кўра қўрқинчлироқ нарса йўқ. Ҳар нафас ўлимдан қўрқиб яшайди, одам. Олдимдан уч марта ўқ ўтиб кетган.
Кечалари йиғларди. Уйга кетгим келарди. Ватанимни тинчлигини соғинардим. Киши истаса-истамаса у ҳаётга кўникади. Чунки у ҳаётдан қочиб-қутулолмайсан.
У ерда жасадлар кўп. 6 ёшли болачани ўлиб кетганини ўз кўзим билан кўрганман. У ўзи ногирон — касаллик сабаб юролмай қолганди. Ота-онаси ўлиб кетган. Бир ўзи яшарди. Биров овқат берса ерди, бўлмаса йўқ. Бомба тушиб, ёниб кетган. Эртаси куни жасадини кўриб қолдим. Жасадга тегишганди кул бўлиб кетди...
...Биз Ҳамза билан ажрашмаганмиз. У ҳозир Суриядаги қамоқда. У жангга чиққан, жиҳод қилган.
Сурияда самолёт учса ҳамма ерга ётволади, одамлар қўрқади. Чунки бомба тушади
Суриядаги даҳшатли уруш, у келтириб чиқарган миллионлаб қочоқлар муаммоси сабабини узоқ ва яқиндан эслаш мумкин, дейди урушнинг қора кунларини эсга олган аёл.
— У ердаги аёллар ичида мен осон яшадим. Чунки сотувчи бўлиб ишлардим. Ўзим мустақил пул топардим. Шу боис ҳам бошқаларга нисбатан осонроқ яшадим. Аммо барибир жуда даҳшатли ва қийин. Гўшт, пиёз-картошка йўқ. Ўт қўшиб ейсиз. У ерда ҳар тонг омон уйғонганнинг ўзи бахт.
У ерда ота-онаси бор қизларни кўрсам ҳавасим келарди. Ойимни олдига келишни жуда хоҳлардим.
...Самолётга чиқишда биринчи қўрққанман. Сабаби, Сурияда самолёт учса ҳамма ерга ётволади, одамлар қўрқади. Чунки бомба тушади. Ватанимга қайтаётганимдан қувондим. 6 йиллик азоблар ниҳоя топганидан хурсанд бўлдим. “Меҳр” операцияси бизга меҳр бериб, меҳр билан олиб келди. Ўзбекистонга келиб биринчи кўзим дарахтлар ва гулларга тушди. Сурияда бундай нарсалар йўқ. Тинч ва осуда ватанда яшаш барибир бахт. Уни чин дилдан ҳис этиб, қадрига етиш керак!
ДХХ ва "Sevimli" телеканали ҳамкорлигида тайёрланган "Бир кафт тупроқ" лойиҳасидан ёзиб олинди.


