Мексиканинг Пуэбла ва Оахаса штатларини боғлайдиган асосий автомагистралда юз берган оғир йўл-транспорт ҳодисаси 21 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Маҳаллий вақт билан туш пайти содир бўлган ҳалокатда юк машинаси, йўловчи автобуси ва микроавтобус иштирок этгани билдирилган.
Пуэбла ички ишлар департаменти раҳбари Самуэл Агуиларнинг сўзларига кўра, воқеа жойида 18 киши ҳалок бўлган, яна уч киши касалхонада олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Бир неча йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга етказилган.
ЙТҲ оқибатида мамлакат миллий гвардияси магистраль йўлни тўлиқ ёпишга мажбур бўлган. Расмийлар ҳалокат сабаблари бўйича текширув бошлаган, аммо дастлабки хабарларга кўра, юк машинаси бошқа транспорт воситасини қувиб ўтмоқчи бўлган ва қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, йўловчи автобус ҳамда фургон билан тўқнашган.


