Telegram'даги "Xalq ta‘limi Info" канали админи Улуғбек Пўлатов ўқитувчилар билан муносабат ўрнатиш кераклиги ва ҳафтанинг ҳар кунига дарс қўйиб уларни жазолаш шарт эмаслиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
"Ўқитувчиларнинг методик кунлари бекор қилингач, айрим тоифадаги "раҳбарлар" ўқитувчилар дарсларини энди ҳар кунга бўлиб ташлаймиз, хатто бошланғич синф ўқитувчиларига ҳафтанинг шанба кунига дарс қўямиз шунда ўқитувчилар бир соат дарс учун ҳам ишга келишга мажбур бўлишади деган фикрга борибди.
Тушунинг бундай усул билан сиз ҳеч қачон яхши натижага эришолмайсиз. Бир бизнес вакили айтганидек, агар сиз, мен раҳбарман, ходимларим ойлигини оляпти, ишлайдида деётган бўлсангиз, бу — катта хато", — дейди у.
Улуғбек Пўлатов, шунингдек, камроқ ишлаб, кўпроқ натижага эришиш мумкинлиги, ўқитувчиларни ҳар куни мактабга чақириб, кечгача ушлаб ўтириб ҳеч қандай натижага эришолмасликни қайд этган.
"Эсингизда бўлсин, ходимингиз сиз ойлик тўлаётган вақтдагина ишлайди. Яъни, соат 8 дан 2-3 гача. 3 дан кейин сиз ҳам керак эмассиз, мактаб ҳам. Мактабда таълим сифати кўтариладими, тушадими унга қизиқ бўлмай қолади.
Шунинг учун ходимлар билан муносабат ўрнатинг. Уларга имконият бериб кўринг. Баъзида вақтлироқ уйига рухсат беринг. Аммо шунга яраша ўзингиз қўяётган талабларни бажаришни ҳам секин аста уларга ўргатинг.
Вазиятга, СанПин талабларига қаранг, ҳаммаси жойидами демак ўқитувчининг қайсидир куни бўш қолса ҳеч нарса қилмайди. Мана сенларга деб ҳафтанинг ҳар кунига дарс қўйиб уларни жазолаш шарт эмас.
Ўқитувчи мактабини яхши кўриши керак. Ундан безиши керакмас. Мактаб раҳбарлари эса бунга кўмакчи бўлиши лозим. Ана ўшанда ходимлар соат 3 дан кейин ҳам мактаб ҳақида ўйлашни бошлашади. Шундагина мактаб ривожланади", — дея мулоҳазасини якунлаган.


