Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг маълум қилишича, МИБ томонидан жорий йил 1-чоракда ноқонуний ишдан бўшатилган 255 нафар шахс ишга тикланиб, 29,5 млрд сўм тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди.
Қайд этилишича, бюро органлари томонидан жорий йилнинг 1-чорагида ижро этиш соҳасида 6,5 трлн. сўмлик ундирувлар амалга оширилиб, амалда бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 500 млрд. сўмга ошганлигини кўрсатмоқда. Биргина, давлат фойдасига 1,9 трлн сўм, тадбиркорлик субъектлари фойдасига 1,7 трлн сўм ва банкларга 2,5 трлн сўм маблағлар ундирилди. Жумладан, фуқаролар манфаатлари учун 400 млрд. сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди.
Таъкидланишича, фуқароларнинг мол-мулкига даҳл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан 160 млрд сўмлик 431 мингта ҳужжатлар ижро қилинди.
Энергия ресурслари соҳасида ҳам 28 минг 200 дан зиёд ижро ишлари тамомланиб, 392,8 млрд сўмлик қарздорликлар ундирилди.
Фаррух Тошпўлатовнинг қўшимча қилишича, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, президентнинг тегишли Фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлар учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳисобига 209,1 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 495 млрд сўмлик алимент маблағлари ундирилди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг 487 нафар ундирувчиларига 6,2 млрд. сўм зарар пуллари тўлаб берилди. Ишсиз алимент тўловчиларнинг 6.159 нафари ишга жойлаштирилди, 11.200 дан ортиқ оилалар яраштирилди.
Шунингдек, муқаддам ноқонуний тарзда ишдан бўшатилган 255 нафар шахслар ишга тикланди ва уларга тўланмасдан қолган 29,5 млрд сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Бюронинг расмий сайтида алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирув эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиб борилмоқда ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида 1 472 нафар фуқаролар топилди.
Шу билан бирга, бюро фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Масалан, фуқароларни безовта қилмаслик мақсадида электрон тизим орқали 1 млн. сўмгача бўлган 117 мингта ижро ҳужжатлари бўйича ундирув автоматик равишда қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди. Қарздорларга “СМС - Хабарнома” автомат тизими орқали ҳар бир ижро ҳаракатлари бўйича 7 mln.dan ортиқ та хабарлар юборилди. Бундан ташқари, «МИБ.УЗ» мобил иловаси орқали қарздорликлар, тақиқлар ҳақидаги маълумотларни олиш ҳамда қарздорликни бартараф этиш имкониятлари ҳам яратилди.


