1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

“МИБ шунчалик оқсоқми?” — блогер МИБдан норози

Ижтимоий тармоқда блогернинг танқидий материаллари ортидан МИБ томонидан унга қўйилган чекловлар бекор қилинмаётганидан норозилиги акс этган видео тарқалди. У, шунингдек, МИБ директори ишдан олинишини сўраган. Zamon.uz ҳолатга ойдинлик киритиш учун Бюронинг ахборот хизмати билан боғланиб, расмий изоҳ олди.

“МИБ шунчалик оқсоқми?” — блогер МИБдан норози

Ижтимоий тармоқларда блогер О.Т. томонидан қарздорлик сабабли унга ўрнатилган чекловларнинг МИБ томонидан бекор қилинмаётганлиги ҳақидаги мурожаати эълон қилинганди.

 

Видеода фуқаро 251 млн сўм қарздорлигини тўлаган бўлса ҳам, унинг четга чиқиш ҳуқуқига қўйилган тақиқ олиб ташланмаётганини, шунингдек, МИБ ҳақида танқидий материаллар эълон қилиши ортидан шундай ҳолатлар юз бераётганлигини айтган.

 

Бундан ташқари, блогер Мажбурий ижро бюроси директори Музаффар Эгамбердиевни ишдан олинишини сўраб, Президент Администацияси раҳбари Саида Мирзиёевага ҳам мурожаат қилган.

 

Видеомурожаат юзасидан МИБ ахборот хизмати ҳолатни ўрганиб чиқиб, Zamon.uz'га расмий муносабат билдирди.

 

Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор О.Тўхтаназаровдан ундирувчи — Поп туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 119,6 млн сўмлик солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2025 йилнинг 28 апрель куни Бюронинг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

 

Давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига асосан ижро иши юритиш қўзғатилган. Қарздорликни тўлаш учун қарздорга 5 кун ихтиёрий муддат берилган ва тегишли тартибда огоҳлантирилган.

 

Қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли унга нисбатан 5 984 036 сўм ижро йиғими қўлланилган ва жами қарздорлик суммаси 125 664 760 сўмни ташкил этган.

 

Бундан ташқари, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси органлари иш юритувида қарздор О.Тўхтаназаровга нисбатан 2 та 3,1 млн сўмлик солиқ қарздорлиги, 3 та 5,6 млн сўмлик давлат божи ва 3 та 10,7 млн сўмлик маъмурий жарима ундириш билан ижро ишлари мавжуд.

 

Ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида, қарздорга тегишли Наманган вилоят Поп туманида жойлашган 2 та кўчмас мулкка тақиқ қўйилган.

 

Шу билан бирга, Қонуннинг 42(1)-моддасига кўра, 2025 йилнинг 28 май куни қарздор О.Тўхтаназаровнинг ижро ҳужжатлари бажарилгунига қадар Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

 

Шунингдек, Бюронинг Поп туман бўлими иш юритувида қарздор О.Тўхтаназаровга нисбатан 3 та 98,1 млн сўмлик солиқ қарздорлиги, 2 та 4,1 млн сўмлик давлат божи ва ушбу ижро ҳужжатлари ихтиёрий муддатда ижро этилмаганлиги сабабли қўлланилган 5,1 млн сўмлик ижро йиғими ундириш ҳақидаги ижро ишлари мавжуд.

 

“Бугунги кунда қарздор О.Тўхтаназаровга нисбатан жами 14 та 251 434 649 сўмлик ундирув билан боғлиқ ижро ишлари мавжуд бўлиб, барча қарорлар қонуний кучда, уларнинг бекор қилинганлиги ёки тўланганлиги ҳақидаги маълумотлар Бюрога органларига келиб тушмаган”, дейилади хабарда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика