Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан қарздор фуқароларнинг мобил телефонлари блокланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу муҳокамаларга МИБ расмий муносабат билдириб, бу каби маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Бюро қайд этишича, ижро ҳужжатларига асосан қарздорлиги мавжуд бўлган шахсларга тегишли мобил телефон қурилмаларини блоклаш ҳақидаги хабарлар фейк ҳисобланади. Қарздорлик ёки ижро жараёнлари фуқароларнинг телефонлари ва бошқа техник қурилмаларининг ишлашига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
МИБ фуқароларга ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжуд ёки йўқлиги, шунингдек, хорижга чиқиш бўйича чекловлар ҳақида маълумотни расмий манбалар орқали текширишни тавсия этди. Бунинг учун бюронинг расмий www.mib.uz сайти ҳамда Google Play Маркет ёки App Store’да жойлаштирилган mib.uz мобил иловасидан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, МИБ фуқароларни фақат ишончли ва расмий ахборот манбаларига таянишга чақириб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган асоссиз хабарларга ишонмасликка ундади.


