Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Корея Республикасига ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан катта миқдорда пул олган Миграция агентлиги ходимлари қўлга олинди. Бу ҳақда Замон.узъга ДХХ хабар берди.
Аниқланишича, агентликнинг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси хизмат мавқейидан фойдаланиб, бир гуруҳ фуқароларни алдаб, уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 41 минг АҚШ долларини олган. Тезкор тадбир чоғида у ушбу маблағни олаётганида ушланган. Шунингдек, тергов давомида унинг бу ноқонуний фаолиятни агентликнинг марказий аппарати бош мутахассиси билан биргаликда амалга оширгани маълум бўлган.
Марказий аппарат ходими ҳам қўлга олиниб, у ҳам ўша пуллардан 15 минг долларни олаётганида жиноят устида ушланган. Текширувлар давомида аниқланишича, ушбу шахслар 2024 йилда 80 нафардан ортиқ фуқарони Кореяга юбориш учун 700 минг доллардан ортиқ пул йиғиб, уларни ҳанузгача ишга жойлаштирмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Порахўрликка ёрдам бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. ДХХ мазкур жинойий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва терговга жалб қилиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Фуқароларга эса хорижга ишга юбориш билан боғлиқ ҳар қандай шубҳали таклифларни ДХХнинг "1520" қисқа рақамига хабар қилиш тавсия этилди.


