Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш-патрул хизматини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қонун лойиҳасида қайд этилишича, ушбу хизмат юзага келаётган криминоген ва ижтимоий вазиятга тезкор таъсир кўрсатишни таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларига қўшимча куч ва воситаларни жалб этиш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шунингдек, қарор лойиҳасига кўра, Миллий гвардия қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш-патруль хизмати давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар билан ихтиёрий равишда тузилган шартномаларга асосан белгиланган ҳудудларда ташкил этилади.
Қўриқлаш-патрул хизмати тузилган шартномаларда кўрсатиб ўтилган ҳудудда жамоат тартибини сақлайди, жамоат хавфсизлигини таъминлайди ва шу ҳудудда тегишли объектларни қўриқлайди.


