Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия билан эҳтимолий газ олди-сотдиси, унда қўйилиши мумкин бўлган сиёсий шартлар ҳақида айтиб ўтди. Бу бўйича у Kun.uz мухбирига интервью берган.
“Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.
Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз.
Бир нарсани тўғри тушунинглар, бизда газ тафовути фақатгина совуқ қишки мавсумда бўлади холос. Қолган пайтлар тўлиқ таъминлаймиз. Шунинг учун қолган чораларни кўрамиз, қўшимча инвестиция киритамиз, энергия тежамкорликка олиб борамиз, газдан ташқари муқобил энергия – кўмирда ишлай оладиган тармоқларни максимал равишда кўмирга ўтказамиз, алтернатив энергетикани интенсив ривожлантирамиз. Шу каби чоралар кўрилади”, – деган вазир.


