АОКАда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Миробод тумани 64 ва 247-сонли мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларнинг ҳолатини ўрганиб чиқилди.
Таъкидланишича, 26 август куни Тошкент шаҳри Миробод туманиги 64-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 6 нафар, 247-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 2 нафар тарбияланувчиси ўткир ичак инфекцияси белгилари билан касалхонага ётқизилди.
31 август куни тарбияланувчилар аҳволи нормаллашган ва ўз уйларига чиқарилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари ва лаборатория жавоблари асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Брифингда маълум қилинишича, жорий йилнинг 5-10 август кунлари Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилотининг жами 32 нафар тарбияланувчиси интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилди.
Унга кўра, болаларда ботулизм касаллигининг клиник белгилари кузатилган.
Ҳозирда, барча болалар яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб касалхонадан уйларига рухсат берилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов харакатлари тугагач, маълумот берилади ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар бола заҳарлангани ҳамда Оққўрғондаги боғча тарбияланувчилари заҳарлангани юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.


