Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган муқаддас Рамазон ойи муносабати билан бир-бирларини самимий табрикладилар. Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолатини ижобий баҳолаб, уни сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Сўнгги йилларда барча даражаларда фаол ва изчил мулоқот йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, стратегик режалаштириш гуруҳининг «4+4» форматидаги учрашуви самарали натижалар бергани таъкидланди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ҳамда мамлакатлар ўртасидаги авиақатновлар изчил ошиб бормоқда.
Учрашувда саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик, жумладан, кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда Президентлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.


