Кеча, 27 май куни Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистон учун инсонпарварлик ёрдами тариқасида ажратилган С гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситасининг бешинчи туркумини Тошкентга етиб келди.
Ушбу инсонпарварлик кўмаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси ва «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Инсонпарварлик юкларининг олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусология жабҳасида ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида илгари эришилган келишувларнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Умумий ҳажми 17 мингдан ортиқ “Даклатасвир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморлар ўртасида тақсимланади.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2023 - 2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион доллар ҳажмидаги 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини бепул етказиб бериш бўйича келишувларга эришилган.


