Ижтимоий тармоқда Соатмурод Жумаев исмли журналист Сурхондарё вилояти Музработ туманида бўлиб, бир нечта мактабгача таълим ташкилоти мудираларидан товламачилик йўли билан 500 минг сўмдан пул ундиргани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси маълумот берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Музработ туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.
Аниқланишича, “Бугунги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири С.Жумаев жорий йилнинг 19 май куни Музработ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими ҳамроҳлигида туман марказидаги 4 та мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюриб, муассасаларнинг иш фаолияти билан танишган.
Текшириш давомида ишга алоқадор шахсларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа тегишли далиллар билан C.Жумаевнинг мактабгача таълим ташкилоти мудираларидан товламачилик йўли билан 500 минг сўмдан пул ундирганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан 31 май куни ёлғон ахборот тарқатган фуқаро Э.М.га нисбатан МЖтКнинг 202-2-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Музработ туман судига юборилган.


