МЬянмада одам савдоси қурбонига айланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга муваффақиятли қайтарилди. Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берди. Маълум бўлишича, Бангкок шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига бир гуруҳ ўзбекистонликлар Мьянмада мажбуран ушлаб турилгани ва юртга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Фуқаролар интернет орқали таклиф қилинган юқори маошли ишга ишониб, Таиландга бепул авиачипталар асосида етиб келган. Бироқ манзилга боргач, алдов йўли билан Мьянма ҳудудига ноқонуний олиб ўтилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолган. Улар фирибгарлик кол-марказларида ишлашга мажбурланган, бундан бош тортганлар эса жисмоний зўравонлик ва таҳдидларга дучор бўлган.
Шунингдек, худди шундай ҳолатда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам аниқланган. МЬянма ва Таиланд ваколатли органлари билан олиб борилган келишилган ҳаракатлар натижасида жабрланганлар озод этилиб, Маэсот чегара пунктида дипломатлар томонидан қабул қилинди. 2025 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида барча фуқаролар ватанга қайтарилди.


