1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Наманганда ҳоким ёрдамчиси олган порасини қайтариб бераётганда қўлга тушди

Шунингдек Тошкент вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директорининг ўринбосари ҳам 5 минг доллар пора билан ушланди.

Наманганда ҳоким ёрдамчиси олган порасини қайтариб бераётганда қўлга тушди

 

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси директорининг ўринбосари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uz'гa хабар берди.

 

Маълум бўлишича, у “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали капитал таъмирлаш бўйича қиймати 2 млрд 73 млн сўмлик объектда ғолиб бўлган пудрат ташкилоти ҳисоб рақамига 1,1 млрд сўм аванс маблағини ўтказиб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган. 

 

Шунингдек, мансабдор шахс қурилиш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмагани сабабли 643 млн 530 минг сўм пеня ундириш юзасидан судга киритилган даъво аризасидан воз кечиб, пудрат ташкилоти фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига яна 5 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

 

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Бошқа ҳолатда Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туман бўлими бошлиғи фуқаронинг яшаш уйи олдида кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсат бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Наманган вилоятида эса Поп туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси давлат захирасидаги 90 сотих ер майдонини тадбиркорга ажратиб бериш ва келгусида тўйхона қуриш учун ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 4 500 АҚШ доллари олган.

 

Аввал судланган ушбу шахс ваъдасини бажара олмагач, маблағнинг бир қисмини қайтариб бераётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

 

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика