Жорий йилнинг 21 ноябр куни соат 23:00 ларда ЙПХ ходимлари томонидан Наманган вилояти Давлатобод тумани ҳудудида ҳаракатланиб келаётган “Onix” русумли автомашинага тўхташ ишораси берилганида, тегишли ҳужжатга эга бўлмаган ҳайдовчи ходимларга бўйсунмасдан қочишга уринган.
Шу вақтда рация орқали олдинроқда хизмат олиб бораётган катта сержант Вахобжон Мўминовга мазкур автомашинани тўхтатиш чорасини кўриш юзасидан хабар берилади. Вахобжон Мўминов ҳайдовчига тўхташ ишорасини берган вақтда, ҳайдовчи юқори тезлик билан ходимни уриб юбориб, унинг ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида транспорт воситасининг ҳаракати чекланиб, ҳайдовчи қўлга олинган.
Катта сержант Вахобжон Мўминов вилоят Тиббиёт бирлашмасига олиб борилган вақтда вафот этган.
“Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва кўп сонли шахсий таркиби Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати катта инспектори катта сержант Мўминов Вахобжон Абдувалиевичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади”, дейилади хабарда.
Катта сержант Вахобжон Мўминов 2007 йилдан ички ишлар органларида фидокорона хизмат қилган. Унинг ортидан суюкли аёли, 2 нафар қизи ва 1 нафар ўғил фарзандлари қолди


