Жорий йилнинг 7 октябрь куни FIFА Низоларни ҳал этиш палатаси “Насаф” футбол клуби ва франциялик футболчи Абделае Диаките ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган эди. Унда маълум бўлишича, “Насаф” клуби футболчи билан тузилган шартнома шартларини бажармаган. Шу сабабли футболчи FIFАга мурожаат қилган ва якунда FIFА “Насаф” футбол клуби зиммасига белгиланган қарздорлик ва жарима тўловларини 45 кун мобайнида тўлаши лозим эканини маълум қилган. Агар мазкур мажбуриятлар клуб томонидан вақтида бажарилиши таъминланмаса, жамоага нисбатан миллий ва халқаро миқиёсда янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ қўйилиши ҳақида огоҳлантириш берган.
Бугун, FIFА 45 кунлик муддат якунига етганини инобатга олиб, “Насаф”га трансфер бўйича тақиқ қўйди. Энди клуб қишки трансфер ойнаси вақтида янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олиш учун, мазкур низоли вазиятни ҳал этиши лозим бўлади.
Аввалроқ “Насаф” OFК Кубогида қанча пул ишлаши маълум бўлгани ва “Аждарлар” кубок соҳибига айлангани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров


