Навоий вилоятида атмосфера ҳавосини ифлослантираётгани аниқланган “Қизилқум фосфорит комплекси”га қарашли ишлаб чиқариш цехлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан сўнг вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ўтказилган текширув давомида аниқланган.
Текширув натижаларига кўра, Конимех туманида жойлашган корхона цехларида давлат экологик экспертизаси талабларига тўлиқ риоя этилмагани ва атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан юқори экани маълум бўлган. Хусусан, 28-сонли манбадан ажралиб чиққан фосфорит чанги меъёрдан 3,5 баробар кўп экани қайд этилган.
Шунингдек, корхона томонидан «Ташкура» карьерида норуда қазилмаларни қазиб олиш фаолияти учун зарур бўлган давлат экологик экспертизаси хулосаси ҳали расмийлаштирилмагани аниқланган. Аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида корхонанинг икки ишлаб чиқариш цехи 10 кун муддатга тўхтатилди.
Қонунбузарликлар оқибатида атмосфера ҳавосини ифлослантириш, оқова сувлар оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар учун жами 2 миллиард 42 миллион сўмдан ортиқ компенсация тўловлари ҳисобланди. Бундан ташқари, 5 нафар масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилди.


