Нефть нархи Хитойда коронавирус авж олгани ва унга бўлган талаб пасайиб кетиши мумкинлиги сабабли 4 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
ICE биржасидаги савдо маълумотларига кўра, Brent нефтининг нархи 28 март куни 4 фоиздан кўпроққа арзонлашди. Савдолар давомида май фючерслари 4,4 фоизга тушиб, бир баррель учун 115,35 долларгача камайди.
Nymex биржасида WTI нефти нархи 4,2 фоизга тушиб, баррели учун 109,67 долларгача пасайди. Савдо пайтида камида 4,9 фоизга тушиш кузатилди.
Қайд этилишича, нефть бозоридаги нархлар 25 март кунги сакрашдан кейин пасайиб бормоқда. Ўшанда Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ракета ҳужуми содир этилгани ҳақидаги хабарга натижасида Лондоннинг ICE Futures биржасида Brent учун май фючерслари бир баррель учун 120,65 долларга етди, WTI нефтининг нархи бир баррель учун 113,43 доллардан ошди.
Хитойда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгани сабабли унга бўлган талаб камайишидан қўрқиб, нефть арзонлашмоқда. Аввалроқ Шанхай ҳукумати душанба кунидан бошлаб тўрт кунга шаҳарнинг ярмини COVID-19’га оммавий синовдан ўтказиш учун тўсиб қўйишини эълон қилган эди. Шундан сўнг тўрт кун давомида шаҳарнинг иккинчи ярмида чекловлар жорий этилади.
"Олдин бошдан кечирганимиздек, саёҳат чекловлари туфайли талаб пасайиб кетишидан хавотир бор", — деди UBS Group таҳлилчиси Жованни Стауново.
Унинг сўзларига кўра, нархнинг пасайишига сабаб бўлган яна бир омил — Саудия Арабистонига ҳужумларда уч кунлик танаффус эълон қилган яманлик исёнчи ҳутий етакчисининг баёнотидир.
Бундан ташқари, Россия нефти санкциялар ва обрўсига доғ тушишидан қочишга интилаётган Ғарб харидорлари томонидан оммавий рад этилганига қарамай, бозорга кириб келаётгани аломатлари фонида нефть нархи пасаймоқда.
Vortexa агентлигининг қайд этишича, Россия нефтининг Осиёга оқими ошиб бормоқда, Болтиқбўйи ва Қора денгиз портларидан шарққа экспорт қилинадиган нефтнинг айрим навлари 1–23 март оралиғида сўнгги икки йилдаги энг юқори даражага етган.


