1️⃣ Табиий талаб. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ўтган 30 йил ичида аҳолиси роппа-роса икки баробар ўсган давлат ҳисобланади. Иттифоқдан ажралиб чиқиш чоғида ҳам биз турар-жой етишмовчилиги ҳолатида бўлганмиз. Яъни муаммо тарихий илдизларга эга ва аҳоли кўпайиши билан янада мураккаблашди. Ҳозир ҳам шунча қурилишларга қарамай аҳоли ўсиши анча олдинда. Қолаверса, кўп уй қуриш нари борса 6-7 йил олдин бошланди холос;
2️⃣ Ёшликни эсланг – бир ҳовлида ота-она, ака-укалар хотинлари билан бемалол яшайверишган (“Келинлар қўзғолони”). Албатта, ўша даврларда оқибат, самимийлик кучлироқ бўлгани ҳам бор гап. Лекин асосий сабаб бир ҳовлида бўлса-да, бошпаналик бўлиш ҳам катта ютуқ ҳисобланган. Бир уй, бир даҳлизга шукр қилинган. Бугун эса ҳар қандай оила алоҳида турар-жой истайди. Бир ҳовлида 2-3 оила яшаши жуда камёб ҳодисага айланди. Бу ҳам талаб ошишига хизмат қилади;
3️⃣ Янги уйлар кўп қуриляпти, лекин уларнинг кўп қисми инвестицион мақсадларда сотиб олиняпти. Яъни ҳақиқий уйга муҳтож одамлардан ташқари кўчмас мулк баҳоси ошишини билган ва ижарадан даромад қила оладиган тадбиркорлар синфи шаклланиб улгурди. Ижарада яшаш эса у қадар ғайритабиий ҳолат бўлмай қолди;
4️⃣ Тан олмасакда, аҳоли даромади ошяпти ва жуда кўпчилик биринчи навбатда кўчмас мулк харид қилишга ҳаракат қиляпти. Бозорда эса ҳар доимгидек талаб/таклиф қонуни ишлайди. Шу билан бир пайтда қурилиш материаллари, иш ҳақи ҳам муттасил ошяптики, булар янги қурилишлар арзонлашувига тўсиқ;
5️⃣ Ўзбекистонда урбанизация (шаҳарларга кўчиш) анча кеч бошланган ва ҳануз давом этмоқда. Демак йирик шаҳарларга босим ҳали сақланиб туради, кўчмас мулк ҳам қийматини йўқотмайди. Шаҳарларда қурилишлар кўпайиши мантиққа зид бўлсада, бир жиҳатдан ҳатто ўша кўчмас-мулкнинг қиймати ошаверишига хизмат қилиб ҳам қолади. Чунки майдон кичраявергани сари ернинг баҳоси ортаверади. Қолаверса, коррупция омили ҳам жуда жиддий. Ерни эгаллашда қора схемалардан фойдаланилади, қурилишда ўғирлик кўп, ҳужжатлаштириш шаффоф эмас. Буларнинг ҳаммаси қўшимча харажатга айланиб, охир-оқибат ўша харидорнинг гарданига тушади.
Назаримда асосан мана шу омиллар уй-жой баҳосининг ошишига таъсир қилмоқда.
Бугунги кунда фаол ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг аксарияти хонадон сотиб олиш иштиёқида ёнишади. Бу жуда қувонарли ҳолат. Чунки аниқ мақсад бор, интилиш бор. Уларнинг ҳар бирига омад берсин! Олдин ҳам айтганимдек, уй қимматлиги иштиёқни сўндирмаслиги керак, аксинча, юксакроқ марраларни кўзлашга ундаши лозим.
Эслатиб ўтамиз, сайтимизда муаллифнинг "Қандай қилиб уй олса бўлади?" сарлавҳали мақоласи нашр этилганди.
Аброр Зоҳидов


