Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Фарғона» божхона пости собиқ инспектори А. Абдуллаев (исм-шариф ўзгартирилган) 15 йилдан сўнг суд томонидан тўлиқ оқланди.
У 2010 йилда пора олишда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Аммо кассация инстанциясида иш қайта кўриб чиқилиб, унга қўйилган айбловлар ишончли далиллар билан тасдиқланмагани аниқланди.
Суд жараёнида собиқ инспектор тергов вақтида босим ва қийноқлар туфайли айбни тан олишга мажбур бўлганини билдирган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам унинг айбсизлигини тасдиқлаган.
Шунингдек, аниқланишича, айрим эпизодлар бўйича айбловлар қўйилган даврда А. Абдуллаев мазкур божхона постида умуман ишламаган.
Натижада Фарғона вилояти суди 2010 йилдаги ҳукмни бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва тўлиқ оқланди. Суд унга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қонун асосида ундириш ҳуқуқини ҳам тушунтирди.
Маълумот учун, 2025 йилда мамлакат судлари томонидан жами 422 нафар шахс оқланган. Бу суд-ҳуқуқ тизимида адолат ва мустақиллик тамойиллари мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.


