АОКАда ўтказилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева нотўғри рекламаларни олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, агентлик томонидан барча манбалар орқали жойлаштирилган рекламаларнинг қонунчилик талабларига мослиги юзасидан доимий ўрганиш ва кузатувлар амалга оширилади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 39 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 13 минга яқин ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилди.
Хабарингиз бор, жорий йил 9 сентябрь куни янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Қонунга бир қатор янги тушунчалар, нормалар белгиланган ва рекламага қўйилган талаблар кучайтирилди.
Хусусан, қонунда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламасида таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари иштирокидан фойдаланиш ман этилади. Шунингдек дори воситасини ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этиш мумкин эмас.
Биологик фаол қўшимчалар рекламасида эса, уларни даволаш хусусиятларга эгалиги ҳақида маълумот бериш, фуқароларнинг миннатдорчилигини кўрсатиш ва уларни дори воситаларига нисбатан афзаллиги ҳақидаги таассуротни юзага келтириш тақиқланган.
Агентлик томонидан мазкур йўналишда ўрганилган рекламаларнинг 647 тасида камчиликлар аниқланди ва бартараф этилди.