Ижтимоий тармоқда Нукусдаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган шахслардан бири — Пўлат Шамшетов кеча тонгда тергов ҳибсхонасида юрак хуружидан вафот этгани бўйича хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича Комиссия расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мустақил комиссия аъзолари эртага, 6 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан, ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.
“Ўрганиш натижалари ҳақида жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинади”, —дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг собиқ бўлим бошлиғи, марҳум Пўлат Шамшетов одамларни оммавий тартибсизликларга чақиргани ва ўзи ҳам намойишларда фаол иштирок этгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.


