АҚШнинг Ню Ёрк шаҳрида 11 ёшли Ўзбекистон фуқароси Амира Аминова йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ню Ёркдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, фожеа 2026 йил 5 февраль куни Бруклиннинг Bat-Bich ҳудудида содир бўлган. Амира чорраҳани пиёдалар йўлагидан кесиб ўтаётган пайтда ўнг томонга бурилаётган мактаб автобуси уни уриб юборган. Гувоҳлар ва видеоёзувларга кўра, қиз автобусдан қочишга ҳаракат қилган, бироқ транспорт воситаси уни уриб кетган.
Жабрланувчи оғир аҳволда Maymonides тиббиёт марказига олиб борилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.
Полиция 62 ёшли автобус ҳайдовчисини ҳодисадан кўп ўтмай тўхтатиб, унга пиёдага йўл бермаслик ва эҳтиёт чораларини кўрмаслик билан боғлиқ айбловлар қўйган. У судга чақирув қоғози асосида жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи ҳодиса вақтида Consolidated Bus Service компаниясида ишлаган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилмоқда.
Бош консулхона марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, қизалоқнинг онаси билан доимий алоқада эканини маълум қилган. Шунингдек, воқеа юзасидан маҳаллий ваколатли идоралар билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Дипломатик ваколатхоналар марҳуманинг оиласига зарур консуллик ва ташкилий ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини ҳам билдирган.


