2025 йил 11 декабрда “Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 371-сонли президент қарори имзоланди.
Қарорнинг асосий мақсади — ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва ахборот соҳаларида қонунчиликка риоя этилишини мониторинг қилишда давлат бошқарувини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларни, айниқса, ёшларни нохолис ва тақиқланган ахборотлардан ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишдир.
Қарорга мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар назорати инспекция бир қатор янги ваколатлар билан таъминланади. Жумладан:
- Ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ахборот тизими ва ресурслари, маълумотлар базалари ва дастурий таъминотнинг фаолиятини назорат қилиш;
- Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ва уларнинг қонунчиликка риоя этилишини мониторинг қилиш;
- Ноширлик ва матбаа фаолиятини назорат қилиш, шунингдек, болаларга зарар етказувчи ахборотларни тарқатишни чеклаш;
- Тақиқланган ахборотни, жумладан, онлайн платформалардаги маълумотларни тарқатишни чеклаш.
Президент қарори билан тугатилган АОКАнинг ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг бўйича вазифалари инспекцияга ўтказилди. Шундан сўнг ташкилотда 54 та янги штат бирлиги ажратилди. умумий бошқарув ходимларининг сони эса 172 тага етказилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январга қадар “Рақамли назорат” платформасини ишга тушириш вазифаси берилди. Бу платформа орқали мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги рақамли технологиялар ва телекоммуникация хизматлари мониторинг қилинади.
Мазкур қарор билан «Хабар» газетаси таҳририяти МЧЖ устав капиталидаги давлат улушлари Рақамли технологиялар вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли давлат улушларини бошқариш функцияси Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказига берилади.


