Барак Обама АҚШдаги сиёсий мунозаралар даражаси пасайиб бораётганини айтди. У бу ҳақда блогер Браян Тайлер Коэнга берган интервьюсида маълум қилди.
Суҳбат давомида Коэн собиқ президент ва унинг рафиқаси маймун кўринишида тасвирланган видео ҳақида сўз очди. Мазкур видео Доналд Трампга тегишли ижтимоий тармоқ саҳифасида эълон қилинган.
Обама бундай ҳаракатлар жамоатчилик эътиборини чалғитиши мумкинлигини, бироқ америкаликларнинг аксарияти буни жиддий ва ташвишли ҳолат сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.
“Ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда масхарабозлик кучайиб бормоқда. Илгари муайян одоб-ахлоқ қоидаларига ва эгаллаб турган лавозимга ҳурмат кўрсатиш зарур деб ҳисобланган. Ҳозир эса айримлар бундан уят ҳам сезмаётганга ўхшайди”, деди собиқ президент.
Обама, шунингдек, АҚШ фуқароларининг аксарияти бундай ҳақоратли материалларни қўллаб-қувватламаслигини қайд этди.
Маълумотларга кўра, Трамп ушбу пост юзасидан узр сўрашдан бош тортган. Унинг матбуот котиби эса жамоатчиликнинг норозилигини “сохта ваҳима” деб баҳолаган.


