Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, одам савдоси билан шуғулланганликда гумон қилиниб, беш йилдан бери қидирувда бўлган аёл Туркияда аниқланиб, Истанбулдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Қайд этилишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар жиноятчини қўлга олишга имкон берган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи юқори маош ваъдаси билан ёш аёлларни алдаб Туркияга олиб борган, сўнг уларнинг паспортларини тортиб олиб, мажбурий фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. 1991 йилда туғилган ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очилган ва унинг Истанбулда яшириниб юргани аниқланган. 2025 йил 18 ноябрь куни у белгиланган тартибда Ўзбекистонга олиб келинган.
ИИВ маълумотига кўра, икки давлатнинг Интерпол миллий марказий бюролари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик ушбу ишнинг тез фурсатда ҳал бўлишига ёрдам берган. Таъкидланишича, Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб одам савдосига оид жазолар кучайтирилган бўлиб, эндиликда бундай жиноят учун 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.


