Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар жорий этилади. Бу ҳақда 13 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Давлат раҳбари ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий пенционерларни ижтимоий ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама миқдори 2 баробарга оширилади. Шунингдек, контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади.
Бундан ташқари, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимларида фаолият юритаётган ҳарбий бўлмаган хизматчиларнинг ойлик иш ҳақи жорий йилда 20 фоизга, келгуси йилда эса яна 50 фоизга оширилади.
Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.
Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши ҳажмини кенгайтириш белгиланди. Масъулларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини белгиловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш вазифаси топширилди.


