Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Оҳангарон тумани (Тошкент вилояти)га ташриф буюриб, юқори технологияли ва саноат лойиҳалари билан танишди.
Давлат раҳбари дастлаб юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Энсо Гроуп корхонаси фаолиятини кўздан кечирди. Мамлакатда энергетика тизимини модернизация қилиш, янги электр станциялари ва нимстанциялар қуриш, магистраль тармоқларни янгилаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Иқтисодиёт тармоқлари ривожи ва аҳоли сони ортиб бораётгани электр энергиясига бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис юқори кучланишли кабель маҳсулотларига ички ва ташқи бозорларда талаб ортмоқда.
Корхона Беларус Республикасининг Энергокомплект компанияси билан ҳамкорликда Элтеч Индустриал технопарки ҳудудида ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққач, 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Корхона йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳияти 300 миллион долларга етиши кутилмоқда. Маҳсулотларни Германия, Латвия, Эстония, Болгария ҳамда МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, ўтган йили мамлакатга 400 миллион долларга яқин кабель маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, корхона ишга тушгач, 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ташриф давомида давлат раҳбари микропротсессор модуллари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишди. Мазкур лойиҳа Вадес Гроуп томонидан амалга оширилмоқда. Корхонада идентификация учун микропротсессор модуллари, СИМ-карталар ҳамда турли тўлов карталари ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа Инфинеон Течнологиес билан ҳамкорликда йўлга қўйилмоқда. Корхонанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этади. Мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши ва йилига 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 35 миллион долларлик микропротсессор модуллари, СИМ-карталар ва тўлов карталари импорт қилинган. Корхона ишга тушгач, 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик ва Камбоджа каби давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари мазкур лойиҳалар доирасида инновацион технологияларни жорий этиш, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.


