Мажлисда дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги масала кўриб чиқиляпти.
Ўтган даврда 88 та қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масаласига оид Қонунчилик палатасининг 3 та қарори қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ва Давлат буджетининг ижроси юзасидан ҳисоботлари ҳар чоракда атрофлича кўриб чиқилди. Бу Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини янада ошириш, давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назоратни кучайтириш билан бирга депутатларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ҳисобот йилида илк бор Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан 20 маротаба ахбороти эшитилди, 8 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди ҳамда 15 та парламент сўрови ва 310 та депутат сўрови юборилди.


