1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Онам бизни тўйга деб, уруш ўчоғига олиб кетган

Фарзандларимнинг жони омон қолсин дея, ердан чуқур қазиб, ўша ерда жон сақлардик. Афсуски... барибир икки ўғлим ярадор бўлди, Муҳаммадимдан айрилдим. Қизим, худди ўзимдек, 15 ёшида она бўлди...

Онам бизни тўйга деб, уруш ўчоғига олиб кетган

 

Р.S.: Бугундан эътиборингизга ҳавола этилаётган туркум мақолалар ўз жонини хатарга қўйиб, элу-юрт тинчлиги йўлида жон тикиб, хизмат қилаётган, шунингдек, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида жонбозлик кўрсатган тинчлик посбонларига бағишланади. Zamon.uz сайти Сизларни  яқинлашаётган 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан табриклайди!

 

Хатира Йўлдашева 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган. Тожикистон, Сурияда “Робия” тахасллуси билан яшаган. “Меҳр 5” инсонпарварлик операцияси доирасида Ўзбекистонга қайтарилди.

 

Ватандан кетиш...

 

— Онамни исмлари Ҳадича. Дадам бир ярим ёшлигимда вафот этган экан. Оилада 5  фарзандмиз. Икки акам бу ер (Ўзбекистон)да қолган. Опам, яна бир акам, онам ва мен кетганмиз.

 

Унинг бахтли болалик хотиралари водийнинг сўлим қишлоқлари билан боғлиқ. Фақат уларнинг ҳаммасини ҳам яхши эслолмайди. Чунки онаси у ва опаларининг болаликдаги барча орзуларига нуқта қўйиб, уруш ўчоғига олиб кетган.

 

— Афғонистонга онам билан кетганмиз.  Ўшанда 10 ёш эдим. Ёш бўлганим учун қаерга кетаётганимни билмаганман. Чунки онам тўйга деб олиб кетган.

 

35 ёшли аёлнинг айтишича, онаси уни террористик ташкилотлар гўё Ислом равнақи йўлида  курашлари, тарғибот-ташвиқотлари авж олган пайтда Тожикистонга етаклаб борган.

 

— Биз Тожикистонга бордик. Акаларимни соғиниб роса йиғлаганман. Кейин аям: “бўлди, энди шу ерда яшаймиз”, деганлар. Йиғлаб-йиғлаб, ноилож, кўникканман. Бир ярим йил тинч Мозори Шарифда яшадик. Покистонга ўтдик, ҳаммани ўша ерга кўчирди. Афғонистонга ўтганимизни, яхши эслолмаймман.

2001 йилда — 15 ёшимда учқўрғонлик Улуғбек деган ўзбек болага турмушга чиқдим. Фарзандли бўлдик — Гулсун ва Баҳодир туғилди. Шундан сўнг, хўжайиним Сурияга олиб кетди. Турмуш ўртоғим билан икки йил яшадик. Қизим қўлимда бир ёшли чақалоқ эди, қорнимда эса ўғлим Улуғбек — икки ойлик бўлганди. Ўшанда турмуш ўртоғим вафот этган.

Покистон ва Афғонистон чегараси. Покистонлик аскарлар хўжайинимни изига тушган. Кейин биз янги жойга кўчганмиз. Эски яшаган уйимизда товуқларимиз кўп эди. Хўжайиним бориб, ўша товуқларни олиб келаман ҳамда сизларга шўрва қилиб бераман деб, кетган ва қайтиб келмаган.

 

Она ва қизнинг ўхшаш тақдири

 

Хатира 19 ёшга тўлмай, икки марта турмуш қуради.

 

— Шу билан икки йил юрдим. Онам ёшсан, турмушга чиқ, деди. Кейин ўзимдан 8 ёш катта қирғизистонлик кишига турмушга чиқдим. Ундан 4 нафар фарзанд кўрдим. Бир куни хўжайиним Сурияга кетдилар, орадан уч ой ўтиб, биз ҳам кетдик. Хўжайиним Суриядаги мадрасаларнинг бирида ошпаз бўлиб ишга жойлашган экан. Борган кунимизданоқ бомба, ўқ овозлари — хуллас жуда ваҳимали воқеаларга гувоҳ бўла бошладик. Хўжайинимдан нега бундайлигини сўраганимда, аввал тинч, бугун негадир нотинч дея жавоб берди.

Бир ҳафтадан сўнг бу уруш жуда кучайиб кетди. У ерда “Тоҳир-Йўлдош” жамоати аъзоси бўлиши керак. Шундагина улар бизга озиқ-овқат беради. Хўжайиним ҳам шу жамоат аъзоси бўлган экан. Буни менга айтмаган.

Бир ярим-икки ойдан сўнг, яна бошқа жойга — Маядинга кўчдик. Хўжайинимни иши Топқада бўлгани учун: у ер узоқлик қилади, мен бориб, юкларни ва қоғоз олиб келаман. Энди Маядинда ишлайман, деб кетган бўйича қайтиб келмаган.  Менга самолёт урган, машинада, дейишди. Шу билан 6 та бола ўзимга қолди...

 

Аёл икки турмуш ўртоғи билан ҳам ҳаётини узоқ давом эттира олмади. Улардан кейинги ҳаёт янада азобли, янада машаққатли эди.

 

— Турмуш ўртоғим вафотидан кейин янада қийналиб яшадик: ҳар ҳафта кўча-кўч. Яшаш янада оғирлашиб кетди. Шу орада онамдан ҳам айрилдим. Онам Афғонистонда қолганди. Оғир хасталик сабаб опамни олдига — Туркияга кетибди ва ўша ерда жон берибди.

Ёш бўлганим ва қўлимда ёш болаларим борлиги учун ортга қандай қайтишни билмадим.

 

Уруш ўчоқларидаги саргардон ҳаёт қизига ҳам шу тақдирни битди. Хатира Йўлдашованинг қизи ҳам 15 ёшида она бўлди.

 

— Жуда қийналиб кетдик. Бизга ҳимоячи керак эди. Шунинг учун қизимни ҳам ёш узатишга мажбур бўлдим. 15 ёшида қўқонлик болага узатдим. Куёвим оиламизга бош бўлади, деб ўйлагандим. Аммо қизимни ҳам турмуши узоққа бормади. Эри билан бир йилча яшади. 2019 йилда фарзандли бўлди. Ҳозир куёвим қамоқда.

 

“Нон” дея изиллаб, этагимга ёпишган боламни қайтиб кўрмадим...

 

Шафқатсиз муносабатлар ва қийноқлар оталарини омон қолдирмайди. Кимдир ҳибсга олиниб, қамоқдаги қийноқларда ўлим топса, яна кимлардир урушдан қайтмайди. Аёллари ва фарзандлари фақат уларнинг ўлгани ҳақида хабар топади. 

 

— Шу тарзда қийналиб, кунимиз ўтди. Кетай десам, йўл билмайман. Шунча бола билан. Қийинчиликлардан чарчаб ҳам кетдик. Оч қолиб, кепак еган пайтларимиз кўп бўлди. Эслагим келмайди!.. Охирги марта кичик ўғлим қорни очганидан “ая, нон” деди этагимга осилиб. Шу билан кўчага нон топиш илинжида чиқиб кетдим. “Нон” дея изиллаб, этагимга ёпишган боламни қайтиб кўрмадим...

 

Сурияда улғайган бола: бу ерлик аскарлар яхши экан

 

10 ёшидан буён қочқинликда яшаган бу аёл бошидан ўтказган даҳшатлар туфайли уйқусини, ҳаловатини йўқотган. Уруш вақтида қулаган уй остида қолган боласининг аччиқ хотиралари унга тинчлик бермайди. У ўша кун қўрқуви ва азобини унута олмаяпти.

 

— Бир кун 2008 ва 2012 йил ўғилларим — Муҳаммад ва Билол кўчага ўйнаб чиқиб кетиб, уларнинг тақдири аянчли бўлди. Ундан катта ўғлим озиқ-овқат тарқатилаётганини эшитиб, ўша ёққа кетиб, ярадор бўлиб қайтди. Унинг оғрига чидаёлмаганини кўриб, бирорта оғриқ қолдирувчи топиб келиш ва егулик излаб кўчага чиқиб кетдим. Қора танли аёлларни кўриб қолдим ва уларга болаларим очлиги, ярадор бўлиб қолганини тушунтирганимда улар ҳурмо беришди. Шунда уйга қайтаётганимда қизим йиғлаб: Муҳаммад, Билол... вафот этди, деди. Югуриб борсам, ярадор ўғлим Муҳаммад қонга ботиб ётган экан. Кичик ўғлимнинг айтишича, улар бирга бўлишган. Бир хонадонга овқат излаб боришган. Шунда Муҳаммадни орқасига ўқ теккан ва оғзидан қон отилиб чиқиб кетган, Билол деб укасини чақирган ва вафот этган. Билол акасини кўриб, қўрқиб кетган. Шунда унга ҳам ўқ отишган. Икки кунда икки ўғлим ярадор бўлди, Муҳаммадимдан айрилдим.

Охирги пайтларда шундай қийинчиликларда яшадикки, икки метр чуқур қазиб, ўша ерда жон сақладик. Уни ҳандақ дейди.

Болаларим мактабга бормаган. Ўзлари билганича, уйда ёзиб-чизиб, ўзимдан бир нималарни ўрганишган. У ерда телефонга ҳам рухсат йўқ. Мултфильм кўришолмайди.

Йиллар давомидаги доимий азоб-уқубатлардан чарчаганман.

 

Қанийди, вақт ортга қайтсаю, болалиги ўғирланган болалар, умри саробда ўтган оналар, қўлига қурол олиб, ватангадо бўлган оталар бу хатоларга йўл қўймаса эди.

 

— Дадаси билан ўзимиз сабабчимиз. Дадаси чақирча, болаларимни олиб кетаверганман. Болаларим етим бўлиб қолмасин яна, отасиз улғаймасин деб. Ўзимни айбдор ҳис қиламан. Болаларим: ая, бу ерлик аскарлар яхши экан, одамларга ёрдам бераркан, деган гапларини эшитиб, ватангадо бўлганимдан ўксиниб йиғладим. Фарзандларимиз биз қилган хатони қилмасин, ўқисин, одам бўлсин деб Ўзбекистонга олиб келдим.

 

ДХХ ва "Sevimli" телеканали ҳамкорлигида тайёрланган "Бир кафт тупроқ" лойиҳасидан ёзиб олинди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика