Оқ уйда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳамда Жо Байденнинг ёрдамчиси ва АҚШ президенти администрациясининг гендер сиёсати бўйича Кенгаши директори Женнифер Кляйн билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда олиб борилаётган муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири — хотин-қизларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда унга йўл қўймаслик учун амалга оширилаётган ишлар бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жиноятини назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат қоғозда қолмаслиги учун зарур чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилинди. Женнифер Клайн бу борада амалий ёрдам беришни таклиф қилди. Очиқ мулоқот ва самимий суҳбатдан сўнг Ўзбекистон томони келгусида алоқалар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.


