1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Отам билан илк учрашув

Биз отам билан орадан 34 йил ўтиб учрашдик. Аммо энди уни ота дейишга журъатим етармикан?

Отам билан илк учрашув

 

— Тез кислородга уланглар, аҳволлари жуда оғир. 


“Тез ёрдам” шифокори навбатдаги беморни шундай дея бизнинг қўлимизга топширди. Зудлик билан уни жонлантириш бўлимига жойлаштирдик, кислород уладик, илк текширувларни ўтказишни бошладик.  


— Исми? 
— Қайд этилмаган? 
— Шошишган чоғи шунчалик? — бош шифокор. 
— Йўқ экан, қоғозда ёзиб қўйишибди, ёлғиз яшаркан. 

 

Ёлғиз яшаркан?! Мана шу сўздан сўнг беморнинг юзига қарадим. Тўғрироғи, ён томонидан. Чунки уни пастга қаратиб ётқизгандик. Юзининг бир қисмигина менга кўриниб турибди. Юрагим алланечук бўлиб кетди.  


Икки йилдан бери қанча одамларни кўрдим, қанчасига ёрдам бера олдик, қанчаси билан бирга коронавирусни енгиб чиқдик... Йўқотишлар ҳам бўлди. Доим туйғуларимни ушлаб турардим, касб тақозаси шу... Лекин бугун негадир ёмон бўла бошладим. Балки унинг ёлғизлиги сабабдир... 


Беморнинг чўнтагидан бир қоғоз парчасигина бор эди. 


— Расм шекилли... 
— Қани, балки шу орқали шахси аниқланар... 


Секин энгашиб олдим. Ўзим томонга ўгирдим... Кўрдим-у кўз олдим қоронғулашиб кетди...  


Суратда уч яшар ўзим ва ҳаёт учун курашиб ётган бемор турарди. У мени қучоқлаб олган, кўзида қувонч порлар, мен ҳам хурсанд қўлимда қўғирчоқчани ушлаб ўтирибман... Фақат чап елкам оша қучган қўллар ярмидан қирқилган... Суратнинг онам тушган томони кесиб ташланган... 


Биз отам билан орадан ўттиз тўрт йил ўтиб учрашдик. Уч кундирки, у ҳушсиз ётибди. Шифокор бугун ҳали ўзларига келмаган бўлсалар-да, умумий аҳволларида ижобий ўзгариш борлигини айтди. Эҳтимол, эрта-индин ўзларини келиб қолар, деди...  


Мен унинг кўзларини очишини ҳаммадан кўп кутяпман. Аммо ота дейишга журъатим етармикан? Унинг юраги бу учрашувни кўтара олармикан? Бу хасталикни қувонч билан енгиш мумкин, аммо бир-биримизни топганимиз уни қувонтирармикан?

 

Муаллиф: Шоира Шагиаҳмедова 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика