1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон / 
  4. Ўйиндан ўт чиқмасин!

09:29 / 30.12.2021

1.2k

Ўйиндан ўт чиқмасин!

Ўйиндан ўт чиқмасин!

Янги йил байрами арафасида ўсмир ёшдаги болалар ўртасида пиротехника воситаларига бўлган қизиқиш ошади. Бу эса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Янги йил байрамига оз фурсат қолди. Бу вақтда пақилдоқлар мавсуми ҳам авж паллага киради. Байрамда ранг-баранглик бўлгани, болажонларнинг қувончига қувонч қўшилгани яхши, албатта. Бироқ ундан нотўғри фойдаланиш инсон саломатлиги учун хавф солишини ҳам асло унутмаслик керак.

 

Пақилдоқлардан, асосан, 11-12 ёшли болалар жабр кўради

 

Мутахассисларнинг фикрича, пиротехника воситаларидан нотўғри фойдаланиш қўл ва кўз куйиши, ҳаттоки, қулоқ пардасининг йиртилиши, юзда турли чандиқлар қолдириши мумкин.

 

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маразининг кўп тармоқли клиникаси бош шифокор муовини Санжар Маткаримовнинг таъкидлашича, Пақилдоқлардан, асосан, 11-12 ёшли болалар жабр кўради.

 

— Дунё тажрибасидан шуни кўриш мумкинки, Пақилдоқлардан ўғил болаларга қараганда кўпроқ қизлар азият чекар экан, — деди у. — Чунки ўсмирлар пақилдоқларни аксарият ҳазил аралаш қизларга қарата отишади. Бола болада, хавфсизлик чораларини унутиб қўйишади. Бу эса болалар билан боғлиқ аянчли ҳолатларни келтириб чиқаради. Ҳар йили клиникамизга байрам олди қулоғи, юзи, жағ қисми қўли жароҳатланган болалар кўп келади. Яқинда бир воқеага гувоҳ бўлдим. Мактабда болалар ўйин қилиб бир бирига пақилдоқ отаётган вақт пақилдоқ боланинг кафтида портлаган. Оқибатда, боланинг икки бармоғи узилиб тушган. Албатта пиротехникадан куйган беморлар аввалги йилларга қараганда анча камроқ, бироқ бу огоҳликни сусайтириш керак дегани эмас. Ота-оналар болаларига ҳар доим эътиборли бўлиши керак.

 

Бебош ўйин сабаб ногирон бўлиб қолганлар дарди

 

Оз фурсатли қувонч, роҳат сабаб бир инсоннинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Афсуски, орамизда пақилдоқ зарбидан азият чекканлар ҳам бор. Ҳатто, улар орасида бир умрга мажруҳ бўлиб қолганлари кўриб, киши дили хуфтон бўлади.

 

Нодир Саломов:

— 12 ёшимда юзим пиротехника воситаси сабаб куйиб қолган. Мактабда ўқиб юрган вақтларим синфдошларим мактабга пақилдоқ воситалар олиб келишарди. Бизга уларни портлаш жараёнини томоша қилиш жуда қизиқ эди. Қизларни қўрқитиш мақсадида ҳам атайлаб уларнинг оёғига отардик. Ота-онам овқатланиш учун беришган пулни ишлатмай йиғар эдим. Мактаб ёнида писта-қурт сотадиган аёл пақилдоқларни яширинча халтасида олиб келиб бизга сотарди.

Бир куни қўлимдаги пақилдоққа ёнаётган гугурт чўпини яқинлаштиришим билан у кутилмаганда портлаб кетди. Уни отишга ҳам улгурмадим. Юз ва қўлимда кучли оғриқ сездим. У ёғи нима бўлганини эслолмайман. Кўзимни очсам шифохонада — жонлантириш бўлимида эканман. Бу воқеага 6 йил бўлган. Юз ва қўлимда чандиқ қолган, ўнг кўзим ҳам яхши кўрмайди.

Саломат Ҳошимова:

— Пиротехника воситаларидан қаттиқ қўрқаман. Кўчада болалар бир ерга йиғилиб турганини кўрсам ўша жойдан юрагимни ҳовучлаб ўтаман. Чунки бундан икки йил аввал кўчада кетаётганимда болалар ҳазиллашиб оёғим тагига пақилдоқ отишганда у этигим ичига тушган. Оёқ кийимимни ечиб, ичидан пақилдоқни чиқариб юборгунимча у портлаб кетган. Анча вақтгача юролмай, бир жойда ўтирганман. Ота-оналардан фарзандларини асраб-авайлашлари ва бу каби нохуш ўйинларни дилбандларининг қўлига тутқазмасликларини сўрардим.

 

Гап эртамиз эгаларининг саломатлиги ҳақида кетар экан бир лаҳзалик завқ ортидан содир бўлиши мумкин бўлган фожиа ва турли ҳалокатларга лоқайд бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. 

 

Муножат Валиева 

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика