Ўзбекистонда стратегик инвесторларга лойиҳа учун зарур ер майдонлари бозор қийматида тўғридан-тўғри тақдим этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2026 йилда мамлакатга 50 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2025 йилда чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди.
Эндиликда ҳар бир доллар инвестиция асосан юқори технологиялар трансфери, экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, маҳаллий ходимларни янги технологиялар билан ишлашга тайёрлашга йўналтирилади. Шу сабабли, юқори технология ва янги компетенцияларни олиб кирадиган, экспортга ишловчи инвестор энг ишончли ҳамкор сифатида эътироф этилади.
Стратегик инвесторларга ерларни бериш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:
- Ер бозор қийматида тўғридан-тўғри тақдим этилади;
- Ер тоифаси ўзгарган тақдирда, нобудгарчилик учун тўлов 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин;
- Инвесторлар идоралар орасида юрмасдан, “ягона дарча” тамойили асосида барча рухсатномаларни электрон платформа орқали олишади;
Барча вазирлик ва идоралар ушбу платформага уланади, шу орқали ерни расмийлаштириш, қурилиш ва инфратузилмага уланиш жараёнлари соддалаштирилади.


